Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошиши хавотирлими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ортиб бораётгани ҳақида турли фикр ва мулоҳазалар тез-тез учраб туради. Уларнинг баъзиларида ишониш қийин бўлган тахминлар билдирилган.

Аммо иқтисодиёт шундай соҳаки уни таҳлил қилиш ва прогнозлар билдириш учун иқтисодиё билимга эга бўлиши ва таҳлил қила олиши керак бўлади. Иқтисодчи профессор Замир Ҳолмаҳмедов шундай фикрда.

“Ахир, мамлакат ташқи қарзи соф макроиқтисодий тушунча бўлиб, унинг мазмун моҳиятини тушуниш учун хеч бўлмаса одамда иқтисодий таҳлил қила олиш қобилияти бўлиши керак-ку. Шунинг учун одамларни “гангитишга” ҳаракат қилаётган айрим “иқтисодиётимиз ғамҳўрларидан” фарқли равишда, жайдари тилда бугунги вазиятни тушунтириб ўтмоқчиман”, дейди у.

Иқтисодчи Ўзбекистоннинг пандемия шароитида қарз олишни уддалаётганининг ўзи ҳам мақтагулик иш эканини айтмоқда. Ҳозиргидек оғир вазиятда бу тўғри йўл ҳисобланади.

“Ижтимоий тармоқларда чоп этилаётган чиқишларда таъкидланаётганидек, Ўзбекистон коронавирус эпидемиясига қарши курашиш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро молия ташкилотларидан 1 миллиард доллардан кўпроқ кредит олди. Ахир минг йиллик гап бор: “олмоқлик – донолик”, деган. Демак, мамлакатимиз шундай пандемиядек оғир шароитда, вақти келса шахсий муносабатларни ишга солиб, ишончга кириб, қарз маблағлари жалб қилаётган экан, буни фақат олқишлаш керак-ку...”, дея кредит олиш нормал ҳолат эканини таъкидлайди у.

Ижтимоий тармоқдаги фикрларда Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг йиллик қарз лимитини 5 млрдгача оширишни таклиф қилгани ҳам муҳокама қилинган. Профессор қўшимча 1 млрд долларнинг олиш мумкинлиги шу давлатга ишон борлигини англатишини таъкидлаган.

“Яна таъкидланаётганидек, Молия вазирлиги мамлакат кафолати остида жалб этиладиган ташқи қарз чегарасини $1 млрдга ($4 млрддан $5 млрдгача) оширишни таклиф қилди. Хўш мамлакат кафолати нима? Бу шуки – мамлакатга бўлган ишонч, умид, унинг заҳираларини мавжудлиги дегани... Акс ҳолда пул бераётган хорижликлар ўз пулини ҳавога совирадиган “тентаклар” эмас, ўн мартадан кафолат берилса ҳам, қабул қилишмайди...

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 25 миллард доллардан ошганлигига алоҳида урғу бериб, “шишириб” таъкидланмоқда. Лекин, бошқа томонда олтин-валюта захираларимиз 34 миллиард доллардан ошганлиги бўйича ижтимоий тармоқларда дурустроқ фикр кўрмайсиз. Яъни, захираларимиз олган қарзларимизни бемалол ёпа олишга имконият бераётганлиги учун ҳам, хорижликлар қўрқмай қарзларини беришмоқда, акс ҳолда улар, юқорида қайд этганимиздек, “бир цент”ни ҳам бизга раво кўришмасди...”, дейди Замир Ҳолмаҳмедов.

Профессор қарз олиш эвазига шахсий заҳираларни сақлаб қолиш тўғри эканини урғулайди. У ҳозиргидек пандемия шароитида одамлардан ўзлари тушунмаган мавзуда шов-шув кўтариб, бошқаларни чалғитмасликка чақирган.

“Шунинг учун оддий савол туғилади: пандемия шароитида бор-бутни сарфлаб, мамлакат хазинасини “қуритиб” қўйган яхшими, ёки барча имкониятларни, керак бўлса шахсий муносабатларни ишга солиб, қарзлар олиб, хазинани резерв “ёстиғи” сифатида ушлаб турган маъқулми?!..

Албатта, популистик чиқишлар билан, бирорта илинганки баҳона билан олиб борилаётган иқтисодий сиёсатни танқид қилиш жуда осон. Лекин, агар озгина ватанпарварлиги бўлса, ҳар ким хеч бўлмаса бугунги оғир даврларда ақли етмаган мавзуларда чиқишлар қилиб, ўзини кўрсатиб, оддий одамларни чалғитмай, тек турганлари маъқул деб ҳисоблайман!”, дея сўзини якунлаган Замир Ҳолмаҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

ташқи қарз

Баҳолаганлар

161

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг