Ўзбекистон энг кўп кимдан қарз олгани маълум бўлди

Жамият

image

2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси бўйича шарҳида айтиб ўтилган.

Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 17,31 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етди.

Шундан:

•    Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз – 11,6 млрд. доллар;

•    Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,7 млрд. доллар.

Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 21,6 трлн. сўмни (2,1 млрд. доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этди.

Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,3 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар) га, Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 17,3 трлн. сўм (1,7 млрд. доллар) га тенг.

Таъкидланишича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 34,0 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 30,3 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 69,4 фоизи - доллар, 11,9 фоизи - япон иенаси, 10,7 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,5 фоизи – евро, 3,5 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши:

Осиё тараққиёт банки - 3,9 млрд доллар;
Жаҳон банки - 3 млрд доллар;
Хитой эксимбанки - 2 млрд доллар;
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги - 1,7 млрд доллар;
Хитой давлат тараққиёт банки - 1,3 млрд доллар;
Халқаро инвесторлар - 1 млрд доллар;
Ислом тараққиёт банки - 0,8 млрд доллар;
Япония халқаро ҳамкорлик банки - 0,4 млрд доллар;
Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар - 3,2 млрд доллар.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат қарзи Молия вазирлиги

Баҳолаганлар

2249

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг