Ўзбекистоннинг Швейцариядаги янги элчиси тайинланди
Олам
−
28 Октябрь
1890Дилшод Ҳамидович Аҳатов Ўзбекистоннинг Швейцариядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, элчи жорий йилнинг 25 октябрь куни Швейцария Президенти Виола Амердга ўзининг ишонч ёрлиқларини топширган. Элчининг қароргоҳи Берлин шаҳрида жойлашган.
Учрашувда Президент сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида юқори даражадаги икки томонлама алоқалар сезиларли фаоллашганини таъкидлаган. У Швейцария ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ва Швейцария иқтисодиёти ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга эканини билдириб, хусусан, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш, “яшил” иқтисодиёт, “яшил” энергетика, сув ва энергияни тежаш технологияларини жорий қилиш, иқлим ўзгариши ва экология муаммолари оқибатларини бартараф қилиш, касбий таълим тизимида Швейцария дуал таълим моделини жорий қилиш борасида ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Швейцарияда ҳам мамлакатнинг расмий вакили ҳисобланади. Ахатов 2010-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси, шунингдек, Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда ўриндошлик асосида элчиси, кейинчалик Ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2020-2023 йилларда эса Ўзбекистоннинг Ҳиндистон, Бангладеш ва Непалдаги элчиси бўлиб фаолият юритган. 2023 йил 27 сентябрда эса мамлакатнинг Германиядаги элчиси этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ойбек Усмонов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланганди. У 2012-2024 йилларда Қобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодмонов ўрнига ишга киришди.