Ўзбекистоннинг Қобулдаги янги элчиси тайинланди
Олам
−
27 Октябрь
4270Ойбек Орифбекович Усмонов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
У тайинловга қадар 2020-2024 йилларда Покистондаги элчи лавозимида ишлаган.
Маълумот учун, Ойбек Усмонов 1962 йил 24 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) шарқшунос-филология факультетини тамомлаган. Инглиз, дорий ва пуштун тилларида гаплаша олади. 1998 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппаратда ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаб келмоқда. 2001-2006 йилларда республиканинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси ва Фаластин мухториятидаги вакили, 2006-2011 йилларда Покистондаги элчиси бўлган. 2011-2020 Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ойбек Усмонов 2012-2024 йилларда Қобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодмонов ўрнига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашувда Афғонистондаги миссияси якунланганини расман маълум қилганди.
LiveБарчаси