Ўзбекистоннинг плей-оффга чиқиш имконияти 1 фоиз деб баҳоланди

Спорт

image

“The Guardian” нашри 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи якунланиши арафасида терма жамоаларнинг плей-оффга чиқиш эҳтимолини ҳисоблаб чиқди. Нашр таҳлилларида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятлари мусобақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири сифатида баҳоланган. 

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Португалия, Колумбия ва Конго ДР билан бир гуруҳдан ўрин олган Ўзбекистоннинг 1/16 финалга чиқиш эҳтимоли атиги 1 фоизни ташкил этади. Бироқ терма жамоанинг учинчи ўринни эгаллаган тақдирда ҳам мусобақани тарк этиш эҳтимоли 31 фоиз этиб кўрсатилган.

Прогнозлар Ўзбекистоннинг гуруҳни тўртинчи ўринда якунлаш эҳтимолини эса 69 фоиз деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 июнь кунги Эквадор терма жамоасининг Германия устидан 2:1 ҳисобида ғалабаси Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятларини кескин пасайтирди. Ушбу ғалаба орқали Эквадор “Э” гуруҳида 4 очко билан учинчи ўринни эгаллади ва учинчи ўрин соҳиблари ўртасидаги умумий рейтингда биринчи поғонага кўтарилди.

Мусобақа низомига кўра, гуруҳларда учинчи ўринни эгаллаган 12 та жамоадан энг яхши 8 таси плей-офф босқичига чиқади. Айни пайтда ушбу рейтингнинг саккизинчи ўрнидаги жамоа ҳам 3 очкога эга.

Бу эса Ўзбекистон терма жамоаси учун вазиятни анча мураккаблаштиради. Эндиликда терма жамоа гуруҳ босқичининг сўнгги турида Конго Демократик Республикасига қарши майдонга тушади. Ҳозирги ҳолатга кўра, Ўзбекистон плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолиши учун рақибини камида тўрт тўп фарқи билан мағлуб этиши талаб этилади. Шундагина Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан чиқиш имкониятига эга бўлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон гуруҳ босқичининг сўнгги турида Конго ДРга қарши ўйнайди. Учрашув жорий йилнинг 28 июнь куни Атланта шаҳрида Тошкент вақти билан 4:30 да бошланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг