Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари кескин пасайди
Спорт
−
03:38 18285 2 дақиқа
Бугун, 26 июнь куни Эквадор терма жамоасининг Германия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиқиш имкониятларига жиддий таъсир қилди.
Ушбу ғалаба орқали Эквадор “Э” гуруҳида 4 очко билан учинчи ўринни эгаллади ва учинчи ўрин соҳиблари ўртасидаги умумий рейтингда биринчи поғонага кўтарилди. Натижада плей-офф йўлланмаси учун кураш янада кескинлашди.
Мусобақа низомига кўра, гуруҳларда учинчи ўринни эгаллаган 12 та жамоадан энг яхши 8 таси плей-офф босқичига чиқади. Айни пайтда ушбу рейтингнинг саккизинчи ўрнидаги жамоа ҳам 3 очкога эга.
Бу эса Ўзбекистон терма жамоаси учун вазиятни анча мураккаблаштиради. Эндиликда терма жамоа гуруҳ босқичининг сўнгги турида Конго Демократик Республикасига қарши майдонга тушади. Ҳозирги ҳолатга кўра, Ўзбекистон плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолиши учун рақибини камида тўрт тўп фарқи билан мағлуб этиши талаб этилади. Шундагина Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан чиқиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон икки турдан сўнг очко жамғара олмаган ҳолда гуруҳда сўнгги ўринда бормоқда. Конго Демократик Республикаси эса Португалияга қарши учрашувдаги дуранг эвазига 1 очко жамғарган ҳолда 3-поғонани банд этган. Ушбу жамоалар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс жорий йилнинг 28 июнь куни Атлантада Тошкент вақти билан соат 4:30 да бўлиб ўтади.
Live
Барчаси