Ўзбекистоннинг Қувайтдаги янги элчиси тайинланди
Жамият
−
06 Февраль
3404Ўзбекистоннинг Қувайтдаги янги элчиси тайинланди. Бугун, 6 февраль куни Фавқулодда ва мухтор элчи лавозимига тайинланган Аюбхон Юнусов Қувайт пойтахтига етиб борди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қувайтга тайинланишидан олдин у ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. 50 ёшли дипломат Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, “Ал-Азҳар” университети (Миср), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.
2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубайдаги (БАА) Бош консулликларда ишлаган.
Араб, рус ва инглиз тилларини мукаммал билади.
Аюбхон Юнусов 2016-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси бўлиб ишлаган Баҳромжон Алоев ўрнига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов Уммон пойтахтига етиб борган эди. 5 февраль куни эса Ўзбекистон Беларусга янги элчи тайинлади. Минскда Раҳматулла Назаров Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси ўлароқ ўз вазифасини бажаришга киришди.
LiveБарчаси