Ўзбекистонликларнинг Кореяда иш жойини ўзгартириши осонлашади
Жамият
−
16:48 272 3 дақиқа
Энди E-9 визаси асосида Кореяда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари иш жойини ўзгартириш учун Миграция агентлигининг розилигини олиши шарт бўлмайди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, агентлик Корея Республикасига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартноманинг айрим бандларини қайта кўриб чиққан. Натижада иш жойини ўзгартиришдан олдин агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси розилигини олиш ҳамда бу талабга риоя қилмаганлик учун жарима қўллашни назарда тутувчи бандлар шартномадан чиқариб ташланган.
Бундай талаблар аввал фуқароларнинг Кореяда ноқонуний мақомга ўтиб кетишининг олдини олиш, улар билан доимий алоқани таъминлаш ҳамда зарур ҳолларда ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида киритилган эди.
Агентлик маълумотларига кўра, ўзгаришлар Кореядаги иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилган.
Эндиликда фуқаро иш жойини ўзгартириш учун агентликнинг алоҳида розилигини олмасдан, амалдаги тартиб ва қонунчилик асосида иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳамда янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришиши мумкин.
Шу билан бирга, бу ўзгариш Кореянинг E-9 визаси бўйича амалдаги қонунчилик талабларини бекор қилмайди. Жумладан, шартномада фуқаронинг Корея ҳудудида ноқонуний мақомда бўлмаслиги мажбурияти сақланиб қолган.
Агар фуқаро ушбу талабни бажармаса, шартномага кўра, ҳар бир кечиктирилган ой учун 2 минг АҚШ доллари миқдорида жарима қўлланади. Шунингдек, фуқаро жаримани ихтиёрий равишда тўламаса ёки ундан ундиришнинг имкони бўлмаса, жумладан, у Кореяда ноқонуний мақомда бўлса, жарима ва уни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мажбурияти кафили зиммасига юкланади.
Шартномага кўра, E-9 визаси асосида ишлаётган фуқаро иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилганидан сўнг 1 ой ичида иш изловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиши ва 90 кун ичида янги ишга жойлашиши лозим. Акс ҳолда Корея Республикаси ҳудудини тарк этиши талаб этилади.
Бундан ташқари, Кореядан қайтган фуқаро 30 кун ичида Миграция агентлигига мурожаат қилиб, “Меҳнат фаолиятини амалга оширишдан сўнг келган шахс“ сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.
Шартномада Кореяга кетаётган фуқаролар учун агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва тўловлар ҳам белгиланган. Унга кўра, фуқаро Кореяга жўнаб кетишидан олдин жами 50 БҲМ миқдорида тўловни амалга оширади. Шундан 40 БҲМ Кореяда иш билан таъминлашга кўмаклашиш, 10 БҲМ эса кўниктириш ва ўқитиш хизматлари учун ундирилади.
Агентлик, ўз навбатида, фуқарога Кореядаги иш берувчи юборган меҳнат шартномаси лойиҳасини тақдим этиш, виза олиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам бериш, “Тошкент–Сеул“ йўналиши бўйича авиачипта харид қилинишини ташкил этиш ҳамда Кореяга кетишга кўмаклашиш мажбуриятларини олади.
Шунингдек, фуқароларга Кореяда меҳнат ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли идораларга мурожаат қилишда кўмаклашиш, меҳнат фаолиятига тайёрлаш ва мослаштириш бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳам агентлик зиммасидаги мажбуриятлар қаторида.
Фуқаро эса Корея қонунчилиги, миллий анъаналар, урф-одат ва одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилиши, қонунга зид ҳаракатлар содир этмаслиги ҳамда меҳнат шартномаси талабларини бажариши лозимлиги қайд етилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон фуқаролари Таиланд визаси учун Москвага бориши кераклиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси