Ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олиш бўйича кучли ўнликка кирди
Жамият
−
06 Май 2023
11140Жорий йилнинг дастлабки уч ойида 4,7 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.
Россия ички ишлар вазирлигининг 2023 йил январь-март ойлари оралиғидаги миграция ҳолати тўғрисидаги статистикасига кўра, Федерация фуқаролигини асосан Тожикистондан келган аҳоли олган.
“2023 йил январь-март ойларида Россия Федерациясининг фуқаролигини олиш тўғрисида қарор қабул қилинган шахслар сони 106 320 тани ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 35 мингга кам. Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврида 141 663 нафар чет эллик Россия фуқаролигини олган”, дейилади хабарда.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг уч ойида Тожикистон фуқаролари томонидан Россия фуқаролигини олиш тўғрисида 44,9 минг қарор қабул қилинган. Ушбу кўрсаткич ушбу даврда энг юқори кўрсаткичга айланган. Иккинчи ва учинчи ўринларда Украина (22 минг) ва Арманистон (8,9 минг) фуқаролари. Шунингдек, ўнликка Қозоғистон (6,9 минг), Қирғизистон (5,4 минг), Ўзбекистон (4,7 минг) Озарбайжон (3,7 минг), Молдова (3,1 минг), Беларусь (2,4 минг) ва Туркманистон (912 киши) фуқаролари кирган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников Тошкентда ўтказилган иккинчи Халқаро инвестиция форумида Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони етти йилда тўрт баравар ошганини айтган эди. Бироқ кейинчалик Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Решетниковнинг гаплари асосга эга эмаслигини, рақамлар ошириб кўрсатилганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси