Ўзбекистонликлар чанг бўронлари ҳақида эрта огоҳлантирилади
Жамият
−
27 Апрель 4178 2 дақиқа
Хитой Ўзбекистонга чанг бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишда ёрдам беради. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Хитой Халқ Республикаси Экология ва атроф-муҳит вазири Хуан Жуньцю билан учрашган. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон–Хитой экологик ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган.
Хуан Жуньцю икки йил аввал бошланган музокаралар аллақачон амалий натижалар бераётганини таъкидлаган. Жумладан, ҳозирда Ўзбекистонда хитойлик инвесторлар томонидан 11 та чиқиндини ёқиш заводи қурилмоқда. Шунингдек, Хитой томони экологик инвестиция лойиҳаларини тезкор амалга оширишда Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлашни юқори баҳолаган.
Ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томони бешта асосий йўналишни таклиф этган:
- иқлим ўзгаришларини сунъий йўлдош тизимлари орқали ўрганишда Хитой тажрибасини ўрганиш;
- Хитой Жаҳон метеорология маркази фаолияти, жумладан, чанг ва қум бўронларини мониторинг қилиш тизими билан танишиш;
- Хитой Экология вазирлиги ҳузуридаги Миллий мониторинг маркази тажрибасини ўрганиш;
- экология соҳасида Хитой–Ўзбекистон халқаро форумини ўтказиш ҳамда ҳаво сифати бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш.
Хитой томони ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалий босқичга ўтказишга тайёр эканини билдирган. Хусусан, ҳаво ва сув сифатини таҳлилий мониторинг қилиш бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда миллий мониторинг тизимлари салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Бу борада Жаҳон метеорология ташкилоти билан ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.
Томонлар, шунингдек, чўл иқтисодиёти соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратган. Тошкентдаги ихтисослашган илмий-тадқиқот институтидан ушбу йўналишда минтақавий платформа сифатида фойдаланиш, шунингдек, “Green University” ва Хитойнинг етакчи илмий-таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашув якунида чанг ва қум бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини мустаҳкамлашда Хитойнинг илғор тажрибасини жалб этиш ҳамда ушбу механизмларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича келишувга эришилган. Бундан ташқари, Хитой томони Ўзбекистонга олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларни юбориш, маҳаллий кадрлар малакасини ошириш, шунингдек, билим ва тажриба алмашиш учун ўзбек делегацияларини қабул қилишга тайёр эканини билдирган.
Live
БарчасиЭнди “подезд”лар ҳар ҳафта тозаланади
30 Апрель