Ўзбекистонлик яна бир спортчи рекорд ўрнатди
Спорт
−
27 Октябрь 2023
8499Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган VI ёзги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар яна 2 та олтин ва 1 та кумуш медални жамоа ҳисобига ёзиб қўйди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Шахзод Шукуров хабар берди.
Унинг маълум қилишича, бугун, 27 октябрь куни пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш дастурида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи Элбек Султонов бугунги медаллар сериясини кумуш медаль билан бошлаб берди.
Кейинроқ жамоанинг бошқа вакили Омад Ҳасанов пара енгил атлетиканинг узунликка сакраш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди ва барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда олтин медални қўлга киритди.
Ушбу ғалаба рекордга уланиб кетди. Спортчи Кубаро Ҳакимова Пара енгил атлетиканинг аёллар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида қатнашди ва Осиё рекордини ўрнатди. Бу орқали яна бир олтин медалл Ўзбекистон номига ёзиб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 октябрь куни ҳам ўзбекистонлик пара енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова ушбу мусобақада рекордини янгилаганди.