Ўзбекистонлик Воитовнинг қирғизистонлик мавқедоши ҳам ҳибсга олинди
Олам
−
14 Март
11745Қирғизистоннинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Эркинбек Чодуев ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
Бошқарма маълумотларига кўра, терговга собиқ мансабдор шахснинг коррупцион ва фирибгарлик фаолияти ҳақида маълумот келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 222-моддаси “Жиноий даромадларни легаллаштириш” билан жиноят иши қўзғатилган.
“Собиқ вазир “Limatex Cotton Corporation” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори бўлиб, компаниянинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги умумий майдони 50 гектардан ортиқ ер участкаларини ноқонуний хусусийлаштириш йўли билан жисмоний шахсларга сотиб юборган. Дастлабки зарар 500 миллион сомга (5 миллион 587 минг АҚШ доллари) баҳоланмоқда”, дейилади хабарда.
Эркинбек Чодуев қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
“Айни пайтда ушбу коррупцияга алоқадор бошқа шахсларни фош этиш ва жавобгарликка тортиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Маълумот учун, Чодуев Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири лавозимига 2019 йил 30 май куни Президент Сооронбай Жээнбековнинг фармони билан тайинланган. 2020 йил 21 октябрда Қирғизистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг фармони билан Чодуев лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам қамоққа олингани ва ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси