Ўзбекистонлик таеквондочилар халқаро турнирда 3 та медалга эга чиқди
Спорт
−
03 Апрель 2023
2151Хитойнинг Уси шаҳрида таеквондо WT бўйича “Катта дубулға” мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақанинг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан олтин ва бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар берди.
-80 кг вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратган Жасур Жайсунов турнир ғолибига айланди. Жаҳон чемпиони Светлана Осипова эса (+73 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани 2 та олтин ва 1 та бронза медали билан якунлади. Қайд этиш жоиз, ушбу турнир лицензион характерга эга бўлиб, декабрь ойида ўтадиган яна бир “Катта дубулға” мусобақаси якунига кўра, Париж-2024 Олимпия ўйинларининг дастлабки лицензиатлари аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу турнирда Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашидов -68 кг вазн тоифасида баҳс олиб бориб, олтин медални қўлга киритганди. Рашидов финалда эронлик рақибидан устун келди.
LiveБарчаси