Ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида иштирок этди
Спорт
−
19 Август 2023
3692Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида шахмат бўйича ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Ҳумоюн Бегмуродов, Баҳром Баҳриллаев, Асроржон Омонов ва Афруза Ҳамдамова мамлакат шарафини ҳимоя қилди.
9 та тур якунига кўра, ўзбекистонлик шахматчилар 47 давлатнинг 63 терма жамоа аъзолари орасида 20-ўринни эгаллади.
Шунингдек, муросасиз кечган баҳслар натижасида Афруза Ҳамдамова Бутунжаҳон олимпия ўйинларининг индивидуал йўналишида иккинчи тахтадаги ўйинлар якунида 2-ўринни қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябр ойида Озарбайжоннинг Нахчиван шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон вакиллари иккита жамоа бўлиб иштирок этган эди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон-1 термаси 9 тур давомида 7 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этиб, 15 очко билан 2-ўринни қўлга киритган бўлса, Ўзбекистон-2 жамоаси 11 очко билан 7-поғонани банд этган.
Маълумот учун, ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 18 очко билан Туркия вакиллари ғолибликни қўлга киритган. 13 очко тўплаган Озарбайжон-1 терма жамоаси эса кучли учликни якунлаб берган.
LiveБарчаси