Ўзбекистонлик паралимпиячилар қандай фикрда, улар Риодаги натижани янгилай оладими?

Спорт

image

Бугун, 20 август куни Ўзбекистон паралимпиячилари Токио-2020 Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун жўнаб кетади. Улар Рио Паралимпиадасида эришилган натижани янгилай оладими? 

Енгил атлетиканинг диск ва босқон улоқтириш тури бўйича Рио Олимпиадаси ва Жаҳон чемпионатининг уч карра ғолиби Ҳусниддин Норбеков мусобақада ўзбекистонлик спортчиларнинг имконияти ҳақида фикр билдирди.

“Бу — спорт, аниқ бир нарса дейиш қийин. Кўпроқ омадга ва ўз кучимизга ишонамиз. Рақибларимиз қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Улар ҳам натижа учун ҳаракат қилиши табиий. Мен биринчи ўринни бой беришдан қўрқаман. Чунки, аксарият мусобақаларда ғалаба қозониб, Олимпия ўйинларида чемпион бўлмасликка ҳаққим йўқ. Олтин медаль олишга ҳаракат қиламан. Риодаги натижани янгилашимизга ишонаман. Ўшанда 8 та олтин медаль олган эдик, бу сафар энг камида 10 та олтин медаль қўлга киритишга умид қиляпмиз”, дейди жаҳон рекордчиси Норбеков.

Енгил атлетиканинг узунликка сакраш йўналиши бўйича Рио Олимпиадаси совриндори, икки карра Жаҳон чемпиони Дониёр Салиев Паралимпиадага тайёргарлик ва ўзбекистонлик спортчиларнинг имкониятлари ҳақида гапирди.  
 
“Натижа ҳақида бир нарса дейиш қийин. Деярли барча спортчи мусобақада олтин медаль учун иштирок этади. Жамоадошларимиз билан бирга 55 та йўлланмани қўлга киритдик. Риодан кўра, яхшироқ натижага эришишга ҳаракат қиламиз”, дейди Дониёр Салиев.


 
Спортчи, шунингдек, Пандемия давридаги тайёргарлик хусусида ҳам тўхталиб ўтди:

“2019 йил Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдим ва Олимпиадага йўлланмани қўлга киритдим. Шундан буён тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарликни давом эттиряпман. Пандемия сабабли 2020 йил давомида уй шароитида тайёргарлик кўрдим. Қўмита томонидан барча спорт жиҳозлари етказиб берилди. Мураббийсиз тайёрланишнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлди. 2021 йил январь ойидан бери, узлуксиз равишда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этдик. Энди навбат Паралимпиадага”.  

Маълумот учун, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида иштирок этган 32 нафар ўзбекистонлик спортчи 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 15-ўринни қўлга киритган эди. 

Токио Паралимпиадаси жорий йилнинг 24 августидан 5 сентябрига қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Токио-2020 Паралимпия ўйинлари Ҳусниддин Норбеков Дониёр Салиев Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг