Ўзбекистонлик оғир атлетикачи 4 йилга дисквалификация қилинди
Спорт
−
07 Август
36492Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Сардор Лапасов антидопинг қоидаларини бузгани учун 4 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мусобақа давомида спортчидан олинган допинг-тест натижаларига кўра, унинг танасида 2024 йил учун тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган “кленбутерол” моддаси топилган. Бу билан Лапасов Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.1- моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этган.
Маълумот учун, дисквалификация муддатини ўтаётган шахс дисквалификация муддати тугагунига қадар халқаро ва республика мусобақалари ҳамда ўқув-машғулот йиғинларида қатнаша олмайди. Ушбу талабларга риоя қилмаслик эса шахснинг умрбод тақиқланишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик 7 нафар оғир атлетикачи допинг сабаб 4 йилга мусобақалардан четлаштирилганди. Уларнинг допинг-синамаларида S.1 – Анаболик стероид гормонлар гуруҳига мансуб метандиенон, метастерон, тестостерон, канренон каби тақиқланган моддалар аниқланганди.
LiveБарчаси