Ўзбекистонлик машҳур спортчи операция жараёнида вафот этди

Спорт

image

Кеча, 23 май куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками, машҳур спортчи Аида Ҳасанова 39 ёшида тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда айтилишича, спортчи косметологик операция давомида нотўғри дори воситаси қўлланилиши оқибатида шокка тушган. Бироз вақт ўтгач, у 16-шаҳар шифохонасига олиб борилган. Ҳасанова тахминан кечки соат 19:00 ларда шифохонада вафот этган.

Аида Ҳасанова 1983 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғилган.

У қиличбозлик бўйича спорт устаси, 2001-2006 йилларда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. 2005 йилда Англияда ўтказилган халқаро турнирда ғолиб бўлган.

2014 йилда Аида Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб уч қурол тури бўйича халқаро қиличбозлик ҳаками бўлган. Ўша йилдан бошлаб у Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳаками сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Аида Ҳасанова Токио-2020 Олимпиада ўйинларининг қиличбозлик спорт турида ҳакам сифатида ишлаган биринчи марказий осиёлик мутахассис ҳисобланади. У дунёнинг энг яхши беш нафар қиличбозлик ҳаками деб ҳам эътироф этилган.

“Аидадан қиличбозлик спорт тури оиласига ёрқин хотиралар қолди. Аида ушбу спорт турини севганларнинг қалбида мангу барҳаёт”, дейилади Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star Med Center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида  иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Аида Ҳасанова пластик жарроҳлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг