Ҳасанованинг ўлими бўйича Бош прокуратура изоҳ берди

3-саҳифа

image

Кеча, 23 май куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками, машҳур спортчи Аида Ҳасанова косметологик операция давомида нотўғри дори воситаси қўлланилиши оқибатида вафот этди. Ҳолат бўйича Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълумот берди.

Аниқланишича, шу йилнинг 23 май куни соат 14:00 да хусусий клиникада косметологик жарроҳлик амалиётини ўтказган 39 ёшли Аида Ҳасанованинг соғлиғи оғирлашганлиги сабабли клиника шифокори томонидан шифохонага ётқизилган, бироқ шифохона шифокорлари томонидан беморга ўз вақтида кўрсатилган тез тиббий муолажаларига қарамай, у шу куни тахминан соат 18:30 ларда шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Марҳуманинг ўлими келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аида Ҳасанова 1983 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғилган.

У қиличбозлик бўйича спорт устаси, 2001-2006 йилларда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. 2005 йилда Англияда ўтказилган халқаро турнирда ғолиб бўлган.

2014 йилда Аида Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб уч қурол тури бўйича халқаро қиличбозлик ҳаками бўлган. Ўша йилдан бошлаб у Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳаками сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Аида Ҳасанова Токио-2020 Олимпиада ўйинларининг қиличбозлик спорт турида ҳакам сифатида ишлаган биринчи марказий осиёлик мутахассис ҳисобланади. У дунёнинг энг яхши беш нафар қиличбозлик ҳаками деб ҳам эътироф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Аида Ҳасанова пластик жарроҳлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг