Ўзбекистонлик футболчи собиқ клубидан ўз трансферини сотиб олди
Спорт
−
26 Август 2023
15704Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Россиянинг ЦСКА клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев ўзининг трансферини “Пахтакор”дан 500 минг евро эвазига сотиб олди. Бу ҳақда “Sport24” хабар берди.
Манбага кўра, “Пахтакор”нинг 19 ёшли тарбияланувчиси Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАга ўтиши бўйича битимнинг молиявий томони тўлиқ якунлаган. Футболчи собиқ клуби ҳисобига 500 минг евро миқдоридаги трансфер суммасини тўлаб берган, буни “шерлар” бош директори Дмитрий Адисман ҳам тасдиқлаган.
“Пахтакор” ва ЦСКА ўртасидаги шартномада кўрсатилган 500 минг евролик суммани футболчининг ўзи клубимиз кассасига ўтказган. Ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқ, Аббосбек ўз трансфери учун тўлиқ пул тўлади, ЦСКАга ҳам, вингерга ҳам ортиқча саволимиз йўқ”, дейди Адисман.
Маълумот учун, Файзуллаевнинг “Transfermarkt”даги нархи 750 минг еврони ташкил этади, бироқ порталнинг рус тилидаги бўлимида ўзбекистонлик футболчи энг машҳур иккинчи профил эгаси ҳисобланади. Биринчи ўринда Россия ва Бразилия фуқаролигига эга бўлган “Ал-Ҳилол” футболчиси Малком қайд этилган.
Легионер жорий йилнинг март ойида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги U-20 турнири доирасида Ўзбекистон жамоаси билан қитъа чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, у Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида тўрт ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Аббосбек Файзуллаев 2022/2023 йилги мавсумда Суперлигада “Пахтакор“ номидан 6 ўйинда майдонга тушиб, ўз номига 2 та голни расмийлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 август куни Аббосбек Файзуллаев Россиянинг ЦСКА жамоаси билан 2026 йилга қадар мўлжалланган 3 йиллик шартнома имзолаган эди.