Ўзбекистонлик депутат дипломатик можаро бошлаган Хитой элчисининг иддаоларига муносабат билдирди

Жамият

image

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Бобур Бекмуродов СССРдан мустақилликка эришган давлатларнинг суверенитетини шубҳа остига олган Франциядаги Хитой элчисининг гапларига нисбатан муносабат билдирди

Депутат ўзининг Telegram'даги саҳифасида Ўзбекистон мустақиллигини жаҳоннинг 150 дан ортиқ давлати тан олгани, жумладан, Хитой билан 1991 йилнинг 27 декабрида ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганини таъкидлаган. Шунингдек, у Ўзбекистон бир қатор халқаро ташкилотларга тенг ҳуқуқли аъзо экани, мамлакатда 120 дан ортиқ миллат яшаши ва аҳоли сони 2040 йилга бориб 50 миллионга етишига урғу берган. Мамлакатнинг 3 минг йиллик тарихга эга эканини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги борасидаги ҳар қандай шубҳалар асосга эга эмаслигини билдирган. 

“Шу туфайли постсовет худудидаги мамлакатларнинг мустақиллиги борасидаги ҳар қандай шубҳалар ва зиддиятли фикрларнинг Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзбекистон мустақиллиги дахлсиздир”, деб ёзади у. 

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай жорий йилнинг 21 апрель куни LCI каналига берган интервьюсида Қрим тарихан Россияга тегишли бўлгани ва кейинчалик Хрушчёв уни Украинага бериб юборганини, шунингдек, постсовет республикаларининг мустақиллиги учун асос “ишончли эмаслиги”, боиси буни тасдиқловчи “ҳеч қандай халқаро шартнома мавжуд эмаслигини” таъкидлаб, дипломатик можарога сабаб бўлганди. Дипломат, шунинг учун, Франция Ташқи ишлар вазирлигига ҳам чақирилган.

Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг элчининг гапларига изоҳ бериб, мамлакат собиқ совет давлатларининг суверенитетини ҳурмат қилишини, бироқ Қримга нисбатан позиция ўзгармаслигини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобур Бекмуродов Лу Шай дипломатик можаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг