Ўзбекистонлик чегарачи Афғонистон билан чегарадаги отишмада ўлдирилдими? ТИВ баёнот берди

Жамият

image

Айрим ижтимоий тармоқларда бугун, 4 май куни ўзбек-афғон чегарасида отишма содир бўлгани ва унинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарлар юзасидан баёнот берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб бориляпти.

“Афғонистон Муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳам турли интернет нашрларида пайдо бўлган мақолаларни ёлғон ва асоссиз деб атади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларини журналист этикасига қатъий риоя қилиш, ўз манбаларида нотўғри ва текширилмаган маълумотларни жойлаштиришдан сақланишга чорлайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистоннинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани ҳақидаги хабар тарқалганди. Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан қўшни давлатлар ҳаво маконини бузиш ҳолатлари бўлмаганини маълум қилди.

Бундан олдин эса “Толибон” ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангоний ИШИД экстремистик гуруҳи томонидан Ўзбекистонга берилган муваффақиятсиз ракета зарбаларидан бир кун ўтиб, мамлакат мудофаа кучларининг вертолётлари Афғонистон билан чегарада ҳаво маневрларини амалга оширганини айтган эди. Унга кўра, бу вертолётлар қирққа яқин бўлиб, Афғонистон ҳаво ҳудудида бир неча соат давомида кўриниб турган.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ

Баҳолаганлар

752

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг