ИШИД Ўзбекистонга ракета учиргани, аммо етиб келмагани маълум бўлди
Жамият
−
20 Апрель 2022
87781ИШИДнинг Хуросон бўлими жангчилари Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистонга ракеталар учиришга уринган, бироқ снарядлар ўзбек чегарасигача етиб бормаган. Бу ҳақда “Farhatnews” ахборот агентлиги “Толибон” ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангонийга асосланиб, хабар берди.
“ИШИД экстремистик гуруҳининг Ўзбекистонга берган муваффақиятсиз ракета зарбалари мамлакатга етиб бормади”, дейди Самангоний.
“Толибон” вакилининг қўшимча қилишича, ракеталар учирилган жой барқарорлашган ва уларга алоқадорликда гумон қилинган уч киши бир қанча снаряд билан қўлга олинган. ИШИД ракеталари Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлмаган вайроналарга теккан.
“Афғонистон Ислом Амирлиги ҳеч кимга бизнинг ҳудудимиздан қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид қилишга йўл қўймайди”, дея таъкидлаган Иномулла Самангоний.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан чегарадош Термиз шаҳридаги мудофаа объектларига ИШИД террористик гуруҳи ракета ҳужуми уюштиргани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари - Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов баёнот бериб, ушбу хабарлар ёлғон эканини урғулади.
“Айрим Telegram-каналлар томонидан Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор.
Провокацияларга берилмаслигингизни сўраймиз”, деган Асадов.
Ундан кейин Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам ҳолат бўйича баёнот билан чиқиб, чегарадаги вазият барқарор ва назорат остидалигини маълум қилди. Жумладан вазирлик баёнотида шундай дейилади:
“Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий объектларига ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилиниб, барқарор вазият таъминланмоқда. Фуқароларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликлари ва расмий манбаларга таянишларини сўраб қоламиз”.
Шундан сўнг, Афғонистоннинг “Толибон” томонидан тузилган муваққат ҳукумати ҳам мамлакат ҳудудидн Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди.
“Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазирлиги афғон томонидан Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига ракета зарбаси берилгани ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишларни инкор этади. Афғон-ўзбек чегарасидаги вазият одатдагидек, хавотирга ўрин йўқ”, деб ёзган Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳор Балхи Twitter’даги саҳифасида.
LiveБарчаси