Ўзбекистонлик аёллар тинчлик ва хавфсизлик индексида кучли юзталикка кирди 

Жамият

image

Американинг Жоржтаун университетининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик индекси (Women, Peace and Security Index) 2025/26 йиллар рейтингига кўра, Ўзбекистон 181 давлат орасида 98-ўринни эгаллади. Бу ҳақда университетнинг расмий сайти маълум қилди.  

Қайд этилишича, мазкур индекс методологияси 13 та кўрсаткичга асосланиб, аёлларнинг аҳволини хавфсизлик, адолат ва ижтимоий ҳаётдаги иштирок каби уч асосий йўналиш бўйича баҳолайди. Рейтингда Ўзбекистоннинг умумий балли 0,674 ни ташкил этган. Бу кўрсаткич билан мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида энг ёмон натижани қайд этган. 

Марказий Осиё давлатлари Аёллар тинчлик ва хавфсизлик индексида қуйидаги ўринларни эгаллади:

•  Қозоғистон – 72-ўрин;

•  Туркманистон – 74-ўрин;

•  Қирғизистон – 84-ўрин;

•  Тожикистон – 89-ўрин;

•  Ўзбекистон – 98-ўрин; 

Ўзбекистонда энг юқори кўрсаткичлардан бири сифатида мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш даражаси ҳамда аёлларнинг ўртача таълим олиш муддати (тахминан 11,8 йил) қайд этилган. Шунингдек, парламентда аёллар улуши қарийб 34 фоизни ташкил этгани ҳам кўрсатиб ўтилган. 

Ҳисоботга кўра, турмуш ўртоғи томонидан содир этилган зўравонлик ҳолатлари – тахминан 11 фоиз, молиявий инклюзия кўрсаткичлари – 40 фоиздан паст, шунингдек, ҳуқуқий адолатга эга бўлиш 4 баллик шкалада 1,8 балл билан баҳоланган. 

Маълум қилинишича, Афғонистон аёллар ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва жамиятдаги иштироки бўйича 181-ўринни эгаллаб, рейтингда энг паст натижани қайд этган. Мамлакатда аёлларнинг ҳаракатланиши, таълим олиши ва меҳнат фаолияти жиддий чекланган.

2025/26 йилги индексда Дания 0,939 балл билан биринчи ўринни қўлга киритган. Мутахассислар мазкур индекс аёлларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги жамият барқарорлиги ва тинчлик даражасининг муҳим кўрсаткичи эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ 2024 йилда дунё бўйлаб 83 минг, аниқроғи ҳар куни ўртача 137 нафар аёл ёки қиз турмуш ўртоғи ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилганини маълум қилган эди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистонлик хавфсизлик аёллар индекс тинчлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг