Ўзбекистонлик аёл Истанбулда доридан заҳарланиб вафот этди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида фармацевтик воситадан заҳарланиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Моҳираъно Мелиева вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, аёл касаллик даврида уй шароитида норасмий шифокорлар кўмагида даволанган. Даволаниш жараёнида қабул қилинган дори воситаларининг ножўя таъсири натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, қонида инфекция ривожланган ҳамда организмида кучли реакция кузатилган. Шунга қарамай, у ўз вақтида шифохонага олиб борилмаган ва уй шароитида даволаш давом эттирилган.

Беморнинг аҳволи жиддий тус олгач, у дастлаб Мармара шифохонасига олиб борилган. Мазкур тиббиёт муассасасида беморни жонлантириш бўлимига жойлаштириш имконияти бўлмагани сабабли у Картал туман шифохонасига кўчирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамай, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Марҳуманинг жасади Бош консулхона ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилган.

Шу муносабат билан Бош консулхона Туркия ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликларни ўз соғлиғига масъулият билан ёндашишга чақирмоқда. Дори воситаларини қўлланиладиган препаратларни шифокор тавсиясисиз қабул қилмаслик, норасмий ва тегишли малакага эга бўлмаган шахслар томонидан даволанишдан сақланиш тавсия этилади. Соғлиқ ҳолати кескин ёмонлашган тақдирда эса вақтни бой бермасдан расмий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш зарур.

“Бош консулхона марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Бурса вилоятида ўзбекистонлик 36 ёшли Ойбек Ниёзов тўсатдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг