Ўзбекистонга яна коронавирус қайтяптими?

Саломатлик

Коронавирус ёки COVID-19. Бу сўз оммалашганига 3 йил бўлибдики, ҳамон одамлар тилидан тушгани йўқ. Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда бу ҳолатга доир кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Хўш, аслида вазият қандай? Ҳақиқатдан ҳам бу касалликка чалинган беморлар кўпми? Ўзбекистонда пандемия яна қайтадими? QALAMPIR.UZ бу саволларга жавоб олиш учун соҳа мутахассисига юзланди.

Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пандемия бошланганидан бери ҳозирга қадар 1637 та ўлим ҳолати кузатилган. Унга кўра, ҳозирда тарқалаётган коронавирусдан ўлим ҳолатлари кузатилаётгани, бу касаллик беморларда оғир кечаётгани ҳақидаги миш-миш хабарлар асосли эмас.

“Январдан то шу бугунга қадар касаллик ўз меъёридан ошмаган. Ўртача ҳар куни 15-20 та, баъзи ҳолатларда эса 30 тагача қайд этиляпти. Буларда ҳам фақат енгил ҳолатда кечмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавирусдан ҳалок бўлганларнинг умумий сони 1637 нафарлигича турибди. Ҳозирда ҳам коронавирус ёши катта, сурункали касаллиги бор, иккиламчи касаллиги билан курашиб келаётган шахсларга кўпроқ асорат бермоқда”, дейди у.

Шунингдек, у айни дамда Ўзбекистонда коронавирусга қарши 8 турдаги вакцина борлиги ҳамда вакцина олувчи улардан бирини танлаб, бепул эмланиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди. Эмлаш ихтиёрий эканлиги, коронавирусга қарши эмланмаган инсонни ишга олмаслик ҳақида ҳеч қандай талаб йўқлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон шароитида аҳоли коронавирусга қарши бепул эмланади. У хоҳ ўқитувчи бўлсин, хоҳ тиббиёт ходими бўлсин, фарқи йўқ. Ўзбекистонда коронавирусга қарши 8 турдаги вакцина бор ва вакцина олувчи улардан бирини танлаб, бепул эмланиш ҳуқуқига эга. Бу вакциналарнинг 20 фоизи коронавирусга қарши халқаро жамғарма ҳисобидан қопланган бўлса, қолгани давлат бюджетидан тўланган. Вазият мураккаб бўлган пайтда эмланмаган аҳолини ишга қўймаслик ҳақида кўрсатма берилгани ҳам рост. Эндиликда коронавирус бўйича вазият барқарор. Шу сабаб биз эмланишни ихтиёрий амалга ошириш ҳақида тўхтамга келганмиз. Коронавирусга қарши эмланмаган инсонни ишга олмаслик, мактабда дарс соати бермаслик талаби йўқ”, дейди Нурмат Отабеков.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон учун ҳали номаълум бўлган касаллик агар мамлакат ҳудудида тарқалса, қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Ҳақиқатдан коронавирус инфекцияси кириб келганида тиббиёт хизмати ҳам, санитария-эпидемиология хизмати ҳам бу вирус ҳақида маълумотга эга эмас эди. Бошида таваккалчилик қилинди. Нима қўлимизга илинса, шу билан даволашга уриндик. Бу сир эмас. Кейинчалик Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, халқаро экспертлари саъй-ҳаракатлари билан инфекцияларга қарши курашиш учун 10 та баённомалар қабул қилинди. Тўғри, Ўзбекистонга хос бўлмаган касалликлар бор. Мисол учун, маймун чечаги, сариқ иситма, эбола каби касалликлар, лекин биз бунга қарши мутахассисларимизни тайёрладик. Ўзбекистонда ҳар қандай касаллик кириб келганда, мутахассисларни қўлларида қўлланма бор”, дейди Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус COVID-19

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг