Ўзбекистонга кучли таъсир қилувчи дорилар олиб кирилаётгани аниқланди 

3-саҳифа

image

Ўзбекистон ҳудудига қора бозордаги чакана нархи 686 миллион сўмга тенг 5 412 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний кириб келиши ва тарқалишига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Билдирилишича, республика ҳудудида ўтказилган қатор тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Фарғона туманида яшовчи 39 ёшдаги шахс Қирғизистондан 600 дона “Регапен” ва 200 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қўқон шаҳрига сотиш мақсадида олиб келган вақтида қўлга олинган.

Бундан ташқари, моддий манфаат эвазига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона вилоятидан Тошкент шаҳрига етказиб бериш билан шуғулланувчи Қувасой шаҳрида яшовчи 51 ёшдаги шахс бошқарувидаги Некcия-2 русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда 476 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далиллар сифатида олиниб, давом эттирилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятга алоқадор Тошкент шаҳрида яшовчи 33 ёшдаги икки нафар шахс ва 25 ёшдаги Қирғизистон Республикаси фуқароси ушланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Самарқанд вилояти, Булунғур туманида яшовчи 42 ёшдаги ва муқаддам судланган 32 ёшдаги шахслар 2 992 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб келганларида қўлга олинган.

Шу билан бирга, Андижон вилояти Пахтаобод туманида 37 ва 28 ёшли шахслар 1 087 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 11 000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган. Давом эттирилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушланган шахслардан бирининг яшаш манзилида 57 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари сақлаб келаётгани аниқланган.

Шундай қилиб, умумий ҳисобда 9 нафар шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилиб, қора бозордаги чакана нархи 686 миллион сўмга тенг 5 412 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларни республика ҳудудида тарқатилишининг олди олинган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фарғонада кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар қўлга тушган, Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро таркибида психотроп моддалар бўлган 588 дона дори воситасини 2 950 АҚШ долларига, бошқа бир шахс эса кучли таъсир қилувчи 3348 дона дори воситасини 6,1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона Чилонзор кучли таъсир қилувчи дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг