Ўзбекистонга қайси давлатлардан энг кўп кўчиб келишмоқда?
Жамият
−
27 Июль
26022Доимий яшаш учун бошқа мамлакатларга кўчиб кетаётган ўзбекистонликларнинг 81,5 фоизи Қозоғистонни танламоқда. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, дастлабки ярим йил давомида беш минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қатор давлатларга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетган. Кўчганларнинг асосий қисмини 4 128 киши ташкил қилиб, улар Қозоғистонга кўчиб кетган. Шу билан бирга, Россияга 760 киши, Қирғизистонга 34 киши, Жанубий Кореяга 37 киши, Туркманистонга 14 киши, бошқа давлатларга 93 киши доимий яшаш мақсадида кўчган.
Шунингдек, Ўзбекистонга январь–июнь ойларида хорижий мамлакатлардан 1 080 киши доимий яшаш мақсадида кўчиб келган. Уларнинг асосий қисми Россия (36,1 фоиз) ва Қозоғистон (24,1 фоиз) фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат миқёсида бир ҳудуддан бошқасига кўчиб келганлар сони 116,6 минг кишини ташкил этган (2023 йил мос даврида 106,3 минг киши). Шундан эркаклар 50,7 минг нафар, аёллар 65,9 минг нафардир. Кўчиб келганлар сони шаҳарларда 87 минг киши, қишлоқларда эса 29,6 минг киши бўлган.
Ярим йил ичида кўчиб келганларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида (44 605 киши), энг кам улуши Наманган вилоятида (1 649 киши) қайд этилган.
Олти ой давомида республика бўйлаб кўчиб кетганлар сони 120,6 минг кишини ташкил этган (2023 йил мос даврида 113,7 киши бўлган). Шундан эркаклар 52,8 минг нафар, аёллар 67,8 минг нафар. Кўчиб кетганлар сони шаҳарларда 83,9 минг киши, қишлоқларда 36,7 минг киши.
Кўчиб кетганларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳри (35 540 киши), энг кам қисми Наманган вилояти (2 710 киши) ҳиссасига тўғри келган.