Ўзбекистонга Ғарб илмини ўрганган ёшлар керак – Президент

Жамият

image

Бугун Ўзбекистонга жадид боболар каби Ғарб илмини ўрганган замонавий ёшлар сув ва ҳаводек керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 декабрь куни бўлиб ўтаётган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўз очди. 

“Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, дейди Президент. 

У яқинда пойтахт Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференция жаҳон илм-фан ва маданий жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш ва эътибор уйғотганини қайд этди. 

Бу ишларни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида Президент қарори қабул қилинишини билдирди. 

Унинг алоҳида урғулашича, маърифатпарвар аждодларнинг мероси бугун қурилаётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. 

“Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этмоқда. Унда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказилади. Маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинади. Ўзбекистонда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг раиси Президент ҳисобланади. Ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар бу масала учун масъул этиб белгиланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг