Ўзбекистонга АҚШ ҳарбийларини жойлаштириш муҳокама қилинмаяпти – Абдулазиз Комилов
Жамият
−
14 Октябрь 2021
5698АҚШ террорчиликка қарши ҳарбий кучларини Ўзбекистонга жойлаштириш масаласи муҳокама мавзуси эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов МДҲ давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашида айтиб ўтди.
“Бу масала йўқ ва муҳокама қилинмайди”, деган Комилов саммитда журналистларнинг саволига жавобан.
Эслатиб ўтамиз, “Politico” нашри АҚШ Конгрессидаги манбасига таяниб, Пентагон аксилтеррор кучларини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича музокара ўтказишини хабар қилганди.
Гап АҚШ ҳарбийларига Афғонистондаги нишонларни яхшироқ кузатиш ва уларга зарба бериши учун чегара ортидаги аксилтерор кучлари ҳақида бормоқда.
Мазкур хабарларга Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати ҳам муносабат билдириб, Пентагон билан музокара ўтказилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.
“Мендаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШнинг аксилтеррор кучларини жойлаштириш таклифини олмаган ва бундай қадамларни режалаштирмаган, чунки бу Конституцияда тақиқланган ва мамлакатимиз мудофаа доктринасида кўзда тутилмаган”, деган вазирлик матбуот котиби.
Маълумот учун, муқаддам Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий кучлари жойлаштириган. 2001 – 2005 йилларда АҚШ ҳарбийлари Қашқадарёдаги Хонобод ҳарбий аэродромидан фойдаланган. Бу база гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида қўлланган.
LiveБарчаси