Ўзбекистондан Афғонистонга юборилган ёрдам эгаларига топширилди
Жамият
−
25 Июнь 2022
5211Бугун, 25 июнь куни Қобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Афғонистонга юборилган инсонпарварлик юкларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гуманитар ёрдам яқинда Афғонистонда юз берган зилзила оқибатида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматилла Иргашев Афғонистон томонига инсонпарварлик ёрдамини топширган.
“Тадбирда иштирок этган Афғонистон Ахборот ва маданият вазири Хайрулла Хайрхва ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Муҳаммад Насим Ҳаққани Ўзбекистон Президентига Афғонистон халқига кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Ўзбекисотондан Афғонистонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Кейинчалик эса қурбонлар сони 1000 нафардан ортиб кетди, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди.
Мамлакатни бошқараётган "Толибон" ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зилзилага муносабат билдириб, расмий Тошкент Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди.
Шунингдек, “Толибон” Пактика ва Хост вилоятларида зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 1 миллиард афғони (тахминан 11 миллион доллар) ажратишини маълум қилди.
LiveБарчаси