Ўзбекистон вайронкор зилзила юз берган Афғонистонга ёрдам юборди
Жамият
−
25 Июнь 2022
6733Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Афғонистонга зилзила оқибатида жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 25 июнь куни озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Афғонистонга жўнаб кетган.
Аввалроқ, Ўзбекистон мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган кучли зилзиладан жиддий зарар кўрган Афғонистонга ёрдам бериш ниятида эканини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Кейинчалик эса қурбонлар сони 1000 нафардан ортиб кетди, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди.
Мамлакатни бошқараётган "Толибон" ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зилзилага муносабат билдириб, расмий Тошкент Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди.
Шунингдек, “Толибон” Пактика ва Хост вилоятларида зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 1 миллиард афғони (тахминан 11 миллион доллар) ажратишини маълум қилди.
LiveБарчаси