Ўзбекистондаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёл коронавирус юқтириб олди
Олам
−
30 Март 2020
16722Қозоғистонлик аёлда Ўзбекистонга бориб келганидан кейин коронавирус қайд этилди. Бу ҳақда Олма-ота вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 1960 йилда туғилган аёл Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи қариндошининг тўйига бориб-келгач, унда коронавирус инфекцияси аломатлари қайд этилган. Тўйга борганлар 26 март куни ўз уйига қайтган. 27 март куни уларнинг барчаси изояцияга олинган. Карантин даврида улардан коронавирус тести олинган. Натижалар эса 1960 йилда туғилган аёл коронавирус юқтириб олганини кўрсатган. У зудлик билан Қорасарой тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Шунингдек, Олма-ота вилоятида яна бир ҳолат қайд этилган. Қорасарой туманида яшовчи 1979 йилда туғилган аёл ҳам коронавирус инфекциясига чалиниб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, у билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган 8 киши карантинга олинган. Улар орасида аёлнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бор.
Маълумот ўрнида, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар 294 кишини ташкил этмоқда. Улардан бир нафари вафот этган, 20 киши соғайган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирга келиб ушбу вирусни юқтириб олганлар 149 кишини ташкил этмоқда. Касалланганлардан икки нафари вафот этди, 7 киши соғайиб, оиласи бағрига қайтди.
Мамлакатда Тошкент шаҳри ва 7 вилоятда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Қорақалпоғистон Республикаси ушбу рўйхатдан ўрин олмаган.