Ўзбекистондаги қум бўронларининг сабаби нимада? Жаҳон банки тадқиқот ўтказди 

Жамият

image

Собиқ Орол денгизининг тубида майдони 60 минг км2 га яқин чўл — Оролқум ҳосил бўлган. Бу ерларнинг деярли ярми 1,8 миллион киши истиқомат қиладиган Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган. Бу ҳақда Жаҳон банкининг “Орол денгизи тубидаги қум ва чанг бўронларини камайтириш учун Ўзбекистонда ландшафтларни қайта тиклашнинг аҳамияти” номли янги тадқиқотида айтилади.  

Таъкидланишича, сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида Оролқум қум ва чанг бўронлари манбаига айланган. Ҳар йили Оролқумнинг қум ва чанг бўронлари Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига 15 миллион тоннадан 75 миллион тоннагача қум, чанг ва туз олиб келади. 

Натижада тупроқ эрозияси ва ҳавонинг ифлосланиши атроф-муҳитга, инсон саломатлиги ва фаровонлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қайд этилишича, ҳар йили Оролқумдаги қум ва чанг бўронлари Қорақалпоғистонга 44 миллион доллардан ортиқ (ҳудуд ялпи ички маҳсулотининг қарийб 2 фоизи) иқтисодий зарар келтирмоқда. Келгуси 20 йилда ушбу вазиятни бартараф этишда ҳаракатсизлик ҳудудга 840 миллион доллардан ортиқ зарар келтиради. Қум ва чанг бўронлари инсон саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига салбий оқибатларга олиб келади, бу эса йилига ўртача 11,6 миллион долларни ташкил этади. 

“Ўзбекистондаги Орол денгизининг қуриб қолган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка чидамли ва тупроқдаги туз миқдори юқори бўлган маҳаллий дарахт, буталар ва ўт-ўланларни экиш орқали тиклаш мумкин”, дейилади ҳисоботда. 

Таъкидланишича, агар тўғри режалаштирилса, Орол денгизи тубидаги ландшафтларни тиклаш жараёни Орол денгизининг собиқ қирғоқларидан 100-200 километргача бўлган масофада ҳаво ифлосланишининг сезиларли даражада камайишига олиб келиши мумкин. Бу маҳаллий аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини оширишга олиб келади. 

Оролқумдаги ландшафтларни тиклаш бўйича чора-тадбирлар эса йилига 39 миллион долларга яқин (Қорақалпоғистон ялпи ички маҳсулотининг 1,9 фоизи) қўшимча фойда келтириши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди. 

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Орол денгизи чанг бўрони

Баҳолаганлар

323

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг