Ўзбекистондаги беморлар аҳволи ҳақида маълумот берилди

Жамият

image

Ҳозирда Республикада коронавирусдан даволанаётган беморларнинг 11 нафари оғир аҳволда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

Таъкидланишича, мамлакатда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2620 бемор рўйхатга олинган. Шундан 2075 нафар яъни 80 фоиздан ортиқроқ бемор тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 525 бемордан 11 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

“Карантин тадбирлари давом этяпти. Карантин бекор қилингани ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлгани йўқ. Демак, карантин тадбирларига ва берилган имконият – карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш талабларига тўлиқ риоя этишимиз керак. Агар биз ҳаддан ортиқ фаоллашиб кетадиган, мулоқотларни ошириб юборадиган, касаллик юқиш имкониятини юзага келтирадиган бўлсак, вазият яна жиддийлашиб кетишига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин“, дейилади расмий баёнотда.

Отабековнинг таъкидлашича, агар касалликнинг иккинчи тўлқинига рўбарў келинадиган бўлса, у пайтда қўйиладиган талаблар янада қаттиқ ва кескин бўлади.

“Шунча пайт карантин тадбирларига риоя этиб, вазиятни бирмунча барқарорлаштирдик. Ҳамжиҳатликда ҳаракатларни давом эттирсак, касалликни енгамиз ва эпидемик барқарор ҳудудга айланамиз“, дейди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача мамлакатда коронавирус касаллигидан 11 нафар бемор вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

240

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг