Ўзбекистонда жиноятларни фош этишда ДНК маълумотларидан фойдаланилади
Жамият
−
15 Октябрь 2020
6061Ўзбекистонда жиноятларни фош қилишда геном ахборотларидан фойдаланиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари муҳокама қилган “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ДНК маълумотлари, яъни геном ахбороти маълумотлар базаси ҳам жиноятчиликка қарши курашишда самарали восита ҳисобаланади. Ушбу маълумотлар ёрдамида жиноятларни фош этишда юқори самарага эришиш мумкин.
Мажлисда депутатлар томонидан таъкидланганидек, геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши фош этиш мураккаб, ўта оғир бўлган ёки муқаддам очилмаган жиноятларни очишга кўмаклашади, шунингдек, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши бедарак йўқолган шахсларни топиш имконини беради.
Қонун лойиҳаси билан геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, геном ахборотини йиғиш, унга ишлов бериш ва ҳимоя қилишнинг асосий талаблари, геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартибини ва биологик материал ва геном ахборотини олиш, қайд этиш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни йўқ қилиб ташлаш тартиби белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши содир этилган жиноятларни биологик ашёвий далиллар ёрдамида фош этишга кўмаклашиб, суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
LiveБарчаси