Ўзбекистонда зарарли организмлардан ҳоли ҳудудлар белгиланади

Жамият 7203
image

Вазирлар Маҳкамасининг “Зарарли организмлардан холи ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш тартиби тўғрисидаги ҳамда ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 695-сон қарори қабул қилинди.

Ҳужжат “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган.

Қарор билан Зарарли организмлардан холи ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда қуйидаги механизмлар белгиланди:

•    экспорт қилувчи мамлакатнинг зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлари ҳамда зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларидан карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда фитосанитария хавфини бошқариш;
•    Ўзбекистон Республикасида зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш;
•    хорижий мамлакатлардаги тоза ҳудудлар ҳамда кам зарарланган ҳудудларни тан олиш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига қуйидаги вазифалар топширилди:

•    аҳоли, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари орасида мунтазам равишда ўсимликлар карантини тартиби билан таништириш ва уларни тушунтириш юзасидан тизимли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
•    Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсади ҳамда мазмун-моҳияти ОАВда кенг ёритилишини таъминлаш;
•    манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-хуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириш.

Шунингдек ҳужжат билан Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши ҳудудларга зарарли организмлардан холи бўлган ҳудуд ёки зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудуд мақомини белгилаш учун имконият яратади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.11.2020 йилдан кучга кирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 110
Рейтинг: 3.2
t
×