Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари наркотестердан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин

Жамият

image


Ўзбекистонда Йўл патрул хизмати ходимларига наркотестерлардан фойдаланишига рухсат берилиши кутилмоқда. Бу ўзгариш назарда тутилган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларида вужудга келиши мумкин бўлган баҳсли ва зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсирида бўлганлигини аниқлашни техник воситаларидан фойдаланган ҳолда тезкорлик билан текширишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда: 

•    транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлашда наркотестер махсус техник воситасидан фойдаланиш;

•    наркотестер ёрдамида аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўриш тартибини белгилаш.

Қарор лойиҳасига кўра, Низом 2-бандининг еттинчи хатбошиси “мобил комплекслар, алкотестер,” сўзларидан кейин “наркотестер,” сўзи билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда. 

Шунингдек, 21-банд чиқариб ташланяпти. 2-параграф номланишидаги “таъсиридан” сўзи “, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда” сўзлари билан алмаштирилмоқда.

361-бандда “таъсиридан” сўзи “, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда” сўзлари билан алмаштириляпти, “алкотестер” сўзидан кейин “, наркотестер” сўзи билан тўлдириляпти.

362-банд “алкотестер” сўзидан кейин “, наркотестр” сўзи билан тўлдирилмоқда

365-банд эса қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёки биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик ёхуд психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади”.

367-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Транспорт воситаси ҳайдовчиси алкотестерда ўтказилган текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ёхуд транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан олинган биологик суюқлик (сўлак) наркотестер ёрдамида текшириб кўрилиб, унинг гиёҳванд модда истеъмол қилганлиги аниқланган ҳолларда ЙПХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг алкоголли ичимликлар, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради”.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг