Ўзбекистонда яна бир вилоятда карантин кескин кучайтирилди

Жамият 28587
image

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳрида карантин талабларини кучайтириш тўғрисида Жиззах вилоят ҳокими Э.Солиевнинг қарори қабул қилинди. 

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Жиззах шаҳрида коронавирус инфекциясининг кўпайганлиги муносабати билан шаҳар ҳокими А.Шукуров топшириғи билан ҳокимлик ҳодимлари Covid-19 тестидан ўтказилган. Уларда инфекция аниқланмаган. Аммо “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази” Жиззах шаҳар бўлимининг бир нафар ҳодимида Covid-19 инфекцияси аниқланган.

Шундан келиб чиқиб, вилоят штаби қарорларига мувофиқ Жиззах шаҳрига 2020 йил 4 июль соат 00:01 дан бошлаб карантин чоралари кучайтирилди. 

Қарорга кўра, Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постлари ташкил этилмоқда. 

Жиззах шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилмоқда. 

Ташкил этилган йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постларини пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларини мажбурий равишда дезинфекция қилинади. 

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” ва “Ўрда” экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши таъқиқланади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (кейинги ўринларда-Тартиб) жорий этилди. Тартибга амал қилиш даврида қуйидагилар:

•    Жиззах шаҳрида автотранспорт воситаларининг махсус руҳсатномасиз куннинг муайян вақтида 07:00 дан – 10:00 гача ва 17:00 дан – 20:00 гача ҳаракатланишига рухсат этилади;

•    Жиззах шаҳрида куннинг белгиланган вақтидан ташқари вақтларда жамоат (автобусдан ташқари) барча транспорт воситаларнинг ҳаракатланиши тўхтатилади ва автобусларни дезинфекция қилиш ишларни олиб боришга транспорт корхоналари раҳбарлари масъул бўлади;

•    Жиззах шаҳрида соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади, бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёҳуд зарур дори-дармон ҳарид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига шахсий транспорт воситасига рухсат берилади;

•    Жиззах шаҳридаги “Марказий деҳқон” ҳамда “Эски шаҳар деҳқон” бозорлари, савдо мажмуалари (супермаркет, минимаркет ва бошқалар) кириш чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланади;

•    Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилинади;

•    давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимга ўтказилади;

•    барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритилади;

•    қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши ҳамда ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этилади.

Жиззах шаҳридаги барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилди. 

Вилоят ҳудудидаги йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади, шунингдек, Жиззах шаҳридаги “Кўк бозор” деҳқон бозори ҳафтанинг якшанба, “Эски шаҳар” деҳқон бозори ҳафтанинг ҳар душанба куни ёпилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 208
Рейтинг: 3.1
t
×