Ўзбекистонда яна 52 нафар одам коронавирусдан соғайди

Жамият 7059
image

Тошкент ва Хоразмда 52 нафар одам коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

"Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасидан 13 нафар, вилоят эндокринология диспансеридан 21 нафар, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 1 нафар, шунингдек, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан яна 17 нафар жами 52 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Улар соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди" дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Хоразм вилоятида соғайганларнинг 31 нафари барчаси Россиядан чартер рейс билан келишган, коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоятдаги шифохоналарига жойлаштирилган. Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улардан 29 нафари эркак, 6 нафари аёллардир. Беморларнинг 6 нафари Бухородан, 5 нафари Хоразмдан, 4 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижондан, 3 нафардан Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидан, 2 нафардан Наманган, Сирдарё,  Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан бўлса, 1 нафардан Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидан. Улар орасида энг ёши каттаси 58 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 7 ёшда.

Шунингдек, пойтахтда соғайган беморларнинг барчаси Тошкент шаҳридан. Улардан 16 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. 1 нафари Лондондан Тошкентга келган. Беморлардан 4 нафари эркак, 13 нафари аёллардир.  Улар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган (онаси билан бирга реабилитацияга кузатилди). Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. 

Шундай қилиб, мамлакатда ушбу касалликдан тузалганлар сони 424 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1692 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг  7 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3
t
×