Ўзбекистонда туғилган Рустам Умаров Украина Мудофаа вазири бўлди
Олам
−
06 Сентябрь 2023
7680Украина парламенти депутатлари Рустам Умаровни мамлакат Мудофаа вазири лавозимига маъқуллади. Бу ҳақда Олий Рада депутатлари – Ярослав Железняк ва Ирина Герашенко хабар берди.
Қайд этилишича, Умаров номзодини 338 депутат қўллаб-қувватлаган, бир нафари бетараф қолиб, яна 21 нафари овоз беришда иштирок этмаган.
У 2021 йилдан бери Мудофаа вазири бўлиб келаётган Алексей Резников ўрнини эгаллади.
Рустам Умаровнинг номзодини Украина Президенти Владимир Зеленский кўрсатганди ва у бундан олдин мулк жамғармасини бошқарган.
Маълумот ўрнида, Рустам Умаров 1982 йилда Самарқандда Қрим ярим оролидан келган қрим-татар мусулмонлари оиласида туғилган. Отаси Анвар Умаров технологик муҳандис, онаси Марям Умарова кимё муҳандиси бўлган. Умаровлар оиласи 1944 йил 18 майда совет ҳукумати томонидан қрим-татар халқи билан бирга ўз ватанидан Ўзбекистонга депортация қилинган. 2015 йилда Олий Рада бу депортацияни қрим-татар халқининг геноциди деб тан олган. 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошларида Умаровлар оиласи Украинага қайтган.
Репатриация (ватанига қайтгани)дан сўнг, у Қрим гимназиясини “American Future Leaders Exchange” дастури бўйича стипендия билан тамомлаган. Миллий бошқарув академиясида (Украина) иқтисод ва молия бўйича ўқиган.
2000 йилларда Умаров бироз адвокатлик билан ҳам шуғулланган. 2013 йилда укаси билан биргаликда АSTEM инвестиция компанияси ва АSTEM Foundation хайрия жамғармасига асос солган. 2019 йилда “Holos” партиясидан Олий Радага сайланган. 2022 йилдан бери у Украина Давлат мулк жамғармаси раиси вазифасида фаолият юритиб келади.
Шунингдек, Умаров 2022 йилнинг баҳорида Россия билан музокаралар олиб борган Украина делегацияси аъзоларидан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ Мудофаа вазири Алексей Резников Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси