Ўзбекистонда туғилган қиз UFC'га ўтиши мумкин
Спорт
−
30 Июнь 2023
10057Қозоғистонлик UFC жанчиси Шавкат Раҳмоновнинг синглиси Сора Раҳмонова 26 сентябрь куни ташкилот президенти Дана Уайтнинг “UFC Contender Series” турнирида жанг қилади.
Мазкур мусобақа дунёнинг биринчи рақамли ММА промоушени (UFC)га энг зўр жангчиларни саралаб бериш учун ташкил этилган бўлиб, ҳар бир жанг ғолиби ташкилот билан шартнома имзолаш имконига эга бўлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 25 ёшли Раҳмоновага 26 сентябрь куни литвалик Эрнеста Карикаите рақиблик қилади.
Маълумот учун, Сора профессионал аралаш яккакурашларда 5 та жанг ўтказиб, 4 тасида ғалаба қозонган ва бир марта мағлубиятга учраган.
У сўнгги жангини Naiza турнирида Валерия Каригинага қарши ўтказиб, техник нокаут билан ғалабага эришган. Жангдан кейин эса ижтимоий тармоқларда Дана Уайтга мурожаат қилиб, унга UFC'да ўзини кўрсатиш имкониятини беришни сўраган. Шунингдек, Соранинг бу қарорини акаси Шавкат ҳам қўллаб-қувватлаган.
Таъкидлаш жоизки, ака-сингил ММА'чилар аслида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилган. Кейинчалик ота-онаси билан Қозоғистонга кўчиб кетиб, мамлакат фуқаролигини олган.