Ўзбекистонда “свет”нинг тан нархи қанча?
Жамият
−
24 Июнь 2022
21806Ўзбекистонда аҳолига берилаётган электр энергияси харажатлари тахминан 500-600 сўмни (тахминан 1 кВт соат учун) ташкил қилади. Бу ҳақда кеча, 23 июнь куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган Энергетика форумида Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда сўз очди.
“Электр энергияси харажатларини ҳисоблаш Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги компетенциясига киради, молиявий-иқтисодий томонига қараш эса Молия вазирлигига. Лекин мен аналитик сифатида таҳлил қила оламан. Бу рақам тахминан 500-600 сўмлар атрофида. Бу баланд рақам. Шунинг учун тарифларни ошириш муҳокама қилинди”, дейди вазирлик мутасаддиси.
Баҳромбек Умарбековга кўра, таърифларни оширишни ниҳоятда муҳим жиҳати бор. Ўзбекистонда бу соҳа билан шуғулланадиган тўртта корхона мавжуд, улар табиий монополия.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” юқори кучланишли электрни транспорт қилиш билан, “Ҳудудий электр тармоқлари” эса тақсимлаш билан шуғулланади, “Ўзтрансгаз” бу газни газ чиқадиган ҳудуддан газ истеъмол қилинадиган ҳудудга ташийди. “Ҳудудгазтаъминот” юқори босимли газ босимини пасайтириб, ҳудудларга ва аҳолига олиб кириб беради. Шу тўртта корхона табиий монополия ҳисобланади”, дея қўшимча қилди Баҳромбек Умарбеков.
Унинг сўзларига кўра, бу ташкилотлар ўсиш учун пулни иккита йўл билан жалб қила олади. Биринчиси, суверен қарзни ошириш. Бунда ҳукумат суверен қарз олади ва маблағларни тўртта корхонага беради. Иккинчиси, корхоналарнинг ўз балансига корпоратив кредит олиши.
“Шу корпоратив кредитни олишни татбиқ қилиш учун тарифларни сал ошириб қўймасак бўлмайди. Сабаби, бу корхоналар ҳозир зарар кўриб ишламоқда. Бу тармоқлар ҳозир зарарда. Корхоналарда электр ёки газни сотиб олиш, транспорт қилиш ичига қўшилиб кетилган. Буни бўлиш керак. Транспорт компонентини алоҳида ажратиб чиқарсак, қарз берувчилар транспорт компоненти тарифи, даромади, транспортга кетаётган харажатни қоплаётганига ишонч ҳосил қилади. Шунинг учун корхоналар ўз балансига корпоратив қарз ололмаяпти. Қарзни суверен қарз қилиб олишга тўғри келмоқда. Суверен қарз имконияти чекланган. Шунинг учун буларнинг ўсиши чекланиб турибди. Шу муаммо”, деди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарорда 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниши ва нарх оширилиши таклиф қилинди.
Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун ойига 250 кВт соатгача "ижтимоий норма" берилади. Шунингдек, 1 кВт 325 сўмга баҳоланади. Нормадан ошиқ истеъмол қилинган электр энергиянинг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм тўланади.
Табиий газ бўйича ўрнатиладиган тартиб иситиш мавсумини ҳисобга олиб белгиланади. Хусусан, аҳоли учун:
• 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;
• иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўмни ташкил қилади.
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь