Ўзбекистонда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича жавобгарлик кучайтирилади

Жамият

image

Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Олий суд ва Парламент палаталари олдига юқоридаги талабни қўйган. 

Президентнинг қайд этишича, хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур.

Мамлакатда охирги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган. 

Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51 та, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Тошкент вилоятида – 66 та, Хоразмда – 54 та, Фарғонада – 47 та, Наманганда – 44 та, Қашқадарёда – 39 та туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари ноқонуний деб топилган.

“Парламентимиз палаталари (Норбоева, Исмоилов) хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймасликни қонунда мустаҳкамлаши керак”, дейди давлат раҳбари. 

Президентнинг таъкидлашича, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилиши керак. Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шарт.

“Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Судларнинг фуқаро ва тадбиркорлар фойдасига чиқарган қарорлари туфайли бирорта раҳбар уларга тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилса, билиб қўйинглар, ислоҳотларимизга хиёнат қилган бўлади”, дейди Президент.

Йиғилишда қайд этилишича, суд раислари, судьяларни вилоят, туман (шаҳар)даги суд фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга жалб этиши мумкин эмас. 

Видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Олий суд раиси Козимжон Комилов бир ой муддатда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини киритиши белгиланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

суд Олий суд

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг