Ўзбекистонда судья бўлиш учун қизиқ бир талаб қўйилмоқда

Жамият

image

Лойиҳалар порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар бергандик. Унга кўра, 2025 йилдан судья бўлишни истовчи номзодларга талаблар сони яна биттага ортади.

Яъни, адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни, қонунларга қатъий риоя қилишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва хақиқатан мустақил бўлган, ҳар томонлама касбий ва хаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланади.

Ўзи судья бўлиш учун қандай талаблар мавжуд эди?

Ўзбекистон Республикасининг Судьялар тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунига кўра, судьяликка номзодларга қуйидаги талаблар қўйилган:

  • Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин;
  • Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси бўлиши мумкин;
  • Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси бўлиши мумкин;
  • Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Лойиҳа муҳокамаси 25 апрелга қадар давом этади. Сайтга (regulation.gov.uz) кириб ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Суд Судья

Баҳолаганлар

534

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг