Ўзбекистонда солиқ тизими соддалаштирилади – Президент қарори

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10 июль куни “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори

Мамлакатда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди, айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди.

Солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини амалга ошириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади;

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

3. Қуйидагилар:

Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Белгилансинки, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтларининг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси:

а) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни киритсин:

чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (“tax free”) тартибини белгилаш;

cолиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи “инвестициявий солиқ кредитлари” институтини жорий этиш;

солиқ тўловчи – юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор унга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб, қўлланилган молиявий жарималар миқдорининг 50 фоизини ўн кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, уни жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этиш бўйича молиявий жарималарни ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш;

юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш мақсадида ялпи тушумнинг чегаравий миқдорини сунъий пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга (бўлиниш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва бошқалар) чек қўйиш чораларини кўриш, мазкур ҳолатлар аниқланганда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасига давлат солиқ хизмати органлари томонидан тузатиш киритиш ва уларни суд тартибида ундириш механизмларини жорий этиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берадиган, солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда – Ягона ахборот тизими) ишлаб чиқсин ва жорий қилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда “UzTrans” ягона интерактив ахборот тизими базасида қуйидагиларни таъминлайдиган “Юк ташишлар мониторинги” ахборот платформасини (кейинги ўринларда – Ахборот платформаси) ишлаб чиқишни таъминласин:

юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (счёт-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказиш;

юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб:

Ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди;

юк ташувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини Ахборот платформасида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) икки ой муддатда:

хўжалик юритувчи субъектларни давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида ҳисобга олиш тартибини ишлаб чиқсин;

онлайн назорат-касса машиналари чеклари билан тасдиқланган харажатлар бўйича жисмоний шахсларга даромад, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмалар бериш ёки чекларда кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариб бериш тартибини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб:

давлат cолиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги (KPI) кўрсаткичларидан келиб чиқиб, уларни моддий рағбатлантириш, хизматда лавозимини ошириш, мукофотлаш, интизомий чоралар қўллаш тизимини жорий этсин;

Савдо-саноат палатаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акциялари ўтказилишини ташкил этсин;

в) Cтратегияни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти кенг ёритилишини таъминласин ҳамда Cтратегияни амалга ошириш доирасида оммавий ахборот воситалари, илмий доира ва хорижий экспертлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб этган ҳолда жойларда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманларини ташкил этсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 10 июль


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Президент қарори Солиқ маъмуриятчилиги

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг