Ўзбекистонда Россиянинг “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Жамият
−
26 Июль 2021
6206Яқин келажакда Ўзбекистон Россиянинг “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев “Российская газета” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Беларусь ва Қозоғистонда ушбу вакцинани ишлаб чиқариш Россия технологиялари асосида ташкил этилган бўлиб, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳам вакцина ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда”, дейди РФ Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари.
Нургалиевнинг таъкидлашича, Россия Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, биологик таҳдидларга қарши курашиш ва хавфли юқумли касалликлар тарқалишида ёрдам беради ҳамда қўллаб-қувватлайди.
“Ва бу ерда таъкидлаш жоизки, COVID-19 пандемияси ушбу муаммони ҳал қилишнинг мураккаблигини кўрсатди ва бизнинг давлатимиз билан МДҲдаги шерикларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига яна бир бор урғу берди. Россия биринчи навбатда, айнан МДҲ давлатлари учун тест синовлари, дори-дармонлар, ҳар томонлама услубий ва тиббий ёрдам кўрсатди”, дейди Нургалиев.
У “Спутник V” вакцинасидан МДҲ мамлакатларида фаол фойдаланиш бошланганини, вакцина Абхазия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Жанубий Осетияда рўйхатдан ўтганини алоҳида таъкидлади.
Хабарга кўра, Россия ва Ўзбекистон “Спутник V” ишлаб чиқаришни республикада маҳаллийлаштириш тўғрисида жорий йилнинг май ойида келишиб олган. Ўзбекистон томони, аллақачон, вакцина ишлаб чиқариш учун жой ҳам танлаб қўйган.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 24 июль куни Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан Ўзбекистон ва Россия Президентлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлди. Суҳбат давомида икки давлат раҳбари бир қатор долзарб масалалар билан биргаликда Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим эканини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, “Спутник V” Ўзбекистонда қўлланилаётган 3 вакцинанинг бири ҳисобланади. Ундан ташқари, яна икки вакцина: Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқарилаётган ZF-UZ-VAC 2001 ва Британиянинг AstraZeneca мамлакатда рўйхатдан ўтган. Жорий йилнинг 21 июль ҳолатига кўра, мамлакатдаги жами вакцина захираси 9 миллион 580 минг дозани ташкил қилмоқда.
Улардан:
• 370 минг дозаси "Спутник V";
• 710 минг дозаси AstraZeneca;
• 8,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойидан Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилади.
LiveБарчаси