Ўзбекистонда озиқ-овқат импорти нега кўпайгани маълум қилинди

Жамият

image

Жорий йилда 2021 йилнинг январь-март ойларига нисбатан Республиканинг ташқи савдо айланмасида озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг улуши ва ҳажми юқори суръатларда ўсди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай ўзгаришнинг сабабларини тушунтирди.

Қайд этилишича, жорий йил январь-март ойларида мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг таркиби 2021 йил импортининг таркибига нисбатан сезиларли даражада ўзгарган. Хусусан, маргарин ва ўсимлик ёғи, гўшт, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши ортган.

Шуниндек, импорт географияси, маҳсулот турларининг улуши ва ҳажми ҳам нисбатан ўзгарган бўлиб, асосий маҳсулот импорт қилиб олинган давлатлар ичида биринчи ўринга Қозоғистон 309,7 млн доллар, иккинчи ўринга Россия Федерацияси 205,2 млн доллар ва учинчи ўринга 97,5 млн доллар ҳажм билан Бразилия давлати чиққан.

Таҳлилларга кўра, мамлакат импортининг ортишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган:

Биринчи омил – бу Россия Федерацияси ва Беларусьга нисбатан Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва бошқа ривожланган давлатлар томонидан қўлланилган мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар сабаб жаҳон озиқ-овқат бозорида нархларнинг ва логистика тарифларини юқори суръатларда ўсган.

Иккинчи омил – бу Ўзбекистон Республикаси томонидан бир қатор қўшни давлатларга буғдой, ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотларини экспорт ва реэкспорт қилиш ҳажмининг ўсиши ҳисобланади. Ун экспортининг таъсири ҳам буғдой ва буғдой унининг импортига сезиларли даражада таъсир кўрсатган.

2022 йил март ойида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ОҚТ) маълумотига кўра, ОҚТ Озиқ-овқат нархлари индекси 159,3 пунктни ташкил этиб, феврал ойига нисбатан 12,6 фоизга ва 2021 йил март ойи Индексига нисбатан 33,6 фоизга юқори бўлган.

Таъкидланишича, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти умумий ҳажмининг ўсишига ўртача импорт нархларининг қимматлашуви қарийб 55-60 фоиз даражасида таъсир кўрсатган бўлса, импорт қилинган маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ўсиши 40-45 фоиз таъсир кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

импорт озиқ-овқат

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг