Ўзбекистонда олти ойда 550 миллиард сўмлик газ ва “свет” ўғирланган
Жамият
−
20 Июнь
2992Ўзбекистонда олти ойда 550 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги газ ва электр энергияси ўғирланган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспексия” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2024 йил 1 январдан 15 июнгача ўтказилган 40,8 мингта назорат тадбирлари чоғида жами 38,8 мингта ноқонуний ҳолат аниқланган.
Мазкур ноқонуний ҳолатларнинг 13,5 мингтаси табиий газдан, 25,3 мингтаси эса электр энергетикасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқдир.
Билдирилишича, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ аниқланган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 17,2 мингта маъмурий ҳамда 715 та жиноий иш расмийлаштирилиб, айбдорлар тегишли тартибда жазога тортилди”, дейилади хабарда.