Ўзбекистонда НАТО стандартлари асосида ҳарбий машина ишлаб чиқилди
Жамият
−
22 Июль
11314Ўзбекистонда Мудофаа саноати агентлиги томонидан НАТО стандартлари асосида янги “Арслон” зирҳли ҳарбий машина ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, машина саккиз десантчи ва уч кишилик экипажни ўз ичига сиғдира олади. Тўрт ўқли ушбу ҳарбий машинанинг олд тарафи калибри 30 мм бўлган зирҳ тешувчи снарядлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Ён тарафдаги зирҳи эса 4,5 мм калибрли ўқларни қайтаришга қодир.
Шунингдек, машина экипаж ва қўшинларни таг қисми ёки ғилдирак остидаги 10 килограмм портловчи модданинг портлашидан ҳимоя қилиши мумкин. Куннинг исталган вақтида нишонларни ўққа тутишга қодир бўлган “Арслон” 30 мм автоматик тўп ва пулемёт билан жиҳозланган. Вазни 30-35 тоннани ташкил қилади ва бу конфигурацияга қараб ўзгариб туради.
“Бу зирҳли транспортёрни яратишда асосан НАТО стандартларида назарда тутилган кўрсаткичлар инобатга олинган. Бу юқори сифатли компонентларни ишлаб чиқарадиган корхоналар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда яратилган миллий маҳсулот ҳисобланади”, деган транспортни ишлаб чиқарган компания вакили Акмал Каримов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Қалқон” енгил зирҳли автомобилларини ишлаб чиқариш бошлангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси