Ўзбекистонда мушуклар қулоғининг кесилишига изоҳ берилди

Жамият 6142
image

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда қулоғи кесилган мушуклар пайдо бўлди. “Меҳр ва Оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Қайд этилишича, шартли уй эгаси бўлган, стерилизация қилинган, барча эмлашлардан ўтказилган ва ҳатто паспортга эга мушукларга шундай белги берилади. 

Уйсиз мушуклар стерилизация қилиш учун олиб келинганда улар бу амалиётдан ўтгани аниқланган. Ҳатто бир неча марта стерилизациядан ўтказилган мушуклар ҳам олиб келингани ҳолатлари ҳам учраган. 

Шу сабабли ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда Cat Cut лойиҳаси бошланган бўлиб, унда уйсиз мушуклар учун ўнг қулоғининг бир қисми кесиб ташланмоқда. Стерилизация қилинган мушуклар шундай тарзда белгиланади. 

Ушбу лойиҳа амалга оширилишидан олдин клипсаларнинг (1000 дона) синов партияси сотиб олиниб, уларни мушукларнинг қулоқларига маҳкамлашга уриниб кўрилган. Аммо бу уриниш муваффақияциз бўлган. Мушукларнинг қулоқлари битиши қийин бўлган ва улар алоҳида парвариш талаб қилган. Шу сабабли бу ғоядан воз кечилиб, янги ечим изланган. 

Хорижий давлат тажрибасини ўрганганда қулоқ учлари Австралия, Буюк Британия, Италия, Исроил, Туркия, Корея, Янги Зеландия, Дания, АҚШ ва Францияда ҳам кесилиши маълум бўлган. 

Таъкидланишича, Ўзбекистонда Cat Cut деб ном олган ушбу лойиҳа 15 январда бошланган бўлиб, тажриба амалиёти мувафақиятли ўтган, қулоқ ҳам 2 кунда битган. Шундан сўнг бу амалиёт давом эттирилган. Бугунги кунда 10 та уйсиз мушук қулоқларининг бир учи кесилган. 

“Энди бизнинг мақсадимиз ҳокимликларимизга ўнг қулоғининг учи кесилган ҳайвонлар стерилизация қилинган, эмланган ва шартли эгалари борлигини етказишдир. Бу ушлаш хизмати вакиллари уларга тегмаслиги учун ва шаҳар аҳолиси бундай мушуклар қутуришга қарши эмланганини ва ҳатто паспорти борлигини билиши учун керак”, дейилади “Меҳр ва Оқибат” жамияти хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 144
Рейтинг: 3
Теглар
t
×